“… Очиқ сочиқ юбкаси дор,
У ёна гидир, бу ёна гидир…”
Хали тили чиқиб улгурмаган жияним қўшиқ айтиб кутиб олди. Устимдан бир челак совуқ сув тўкилиб кетгандай этим увушиб кетди. Негаки, қўшиқнинг асл моҳиятини тушунмаган, тушуниш тугул ҳали узуқ-юлуқ гапирадиган боладан чиқган “мазмундор” оҳангни қаранг-а. Исмини сўрасангиз, индамайди, ёшини сўрасангиз билмайди. Аммо… Келинг мана шу “аммо”лар ҳусусида.
Биз болалик давримизда кўчада копток тепиб ёинки беркинмачоқ ўйнаб катта бўлганмиз. Шунинг учунми ёшлик сурурини туйганмиз, ҳис қилганмиз. Бугунги давр болакайларига (уларни болакай деб аташнинг ўзи нотўғри. Негаки, мендан кўра улар кўп нарсани билади) “Беркинмачоқ ўйнамайсанми?” десангиз балога қоласиз. Гап келганда отасини ҳам аямайдиганлар суяксиз қуролларини сизга ўқталиб, “ўт” очишади. “Нима мен сизга ёш боламанми? Ундан кўра компютер ўйнайман. Зўр отишма ўйин бор. Сиз ҳам бир ўйнаб кўринга, кейин хеч кимдан беркинмайдиган бўласиз”. Айни шу ўйинларни ўйнагандан кўра бир умр беркиниб яшаганим минг чандон яхшироқ. Бу мавзу хусусида кўп тўхталишди. Шу сабабли чуқурроқ ёндошмадим.